17:21 / 13.06.2015
2571

78 ёшли сурхондарёлик пенсионер велосипедда 2000 км йўл босди

Сурхондарёнинг Ангор туманидан бўлган Эгамурод Чориев велосипед орқали Термиздан Тошкент орқали Чимкентга бориб, худди шу шаҳарлар йўналишида ортга қайтди ва жами 2000 км масофани босиб ўтди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" газетасида ёзилган.

Маълум бўлишича, у ўзининг сафарини 9 май куни бошлаган ва ўз йўлида кўплаб танишларини зиёрат қилган.

Эгамурод бобо Тошкент шаҳрида 7 кунни ўтказган ва кейин Чимкентга йўл олган. У Термизга ўз сафарини бошлаганидан 18 кун ўтиб, 27 май куни қайтиб келган.

У билан "Ўзбектуризм"нинг Сурхондарё вилояти бўлимида учрашув ўтказилган.

"Сафарим давомида кўплаб очиқкўнгил кишиларни учратдим. Йўлларда анча чарчадим, лекин бундан афсусланмаяпман", дейди велосипедчи сайёҳ.

Қайд қилинишича, Эгамурод Чориев анча йиллардан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритган ва доим велосипедидан фойдаланган. У мунтазам равишда спорт гимнастикаси билан шуғулланади ҳамда шифокор назоратидан ўтиб туришни канда қилмайди.

Top