12:41 / 17.06.2015
3041

Қозоғистон жанубида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етди

Жанубий Қозоғистон вилоятида микроавтобус ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етди, деб хабар бермоқда вилоят прокуратураси.

Аввалроқ тўқнашувда 13 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Меrcedes Sprinter русумидаги микроавтобус ва Ноwo юк машинаси иштирокидаги ЙТҲ Олма-Ота-Чимкент-Тошкент-Термиз автотрассасининг 678 километрида 16 июнь куни пешин пайтида рўй берди.

“ЙТҲ жойида 8 киши ҳалок бўлди, улар орасида 7-8 ёшли бир бола ҳам бор. 13 киши, жумладан микроавтобус ҳайдовчиси ва уч нафар бола турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилди. Кейинроқ шифохонада яна 6 киши олинган жароҳатлардан ҳалок бўлди”, деб айтилмоқда хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан “Транспорт воситаларини бошқарувчи шахслар томонидан йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Судгача тергов жараёни бошланди.

“Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ чап томонга АЁҚШга бурилаётган тиркамага эга катта ўлчамдаги юк машинасини қувиб ўтмоқчи бўлган маршрутка ҳайдовчиси айби билан содир бўлган”, дейилмоқда прокуратурада.

Top