17:03 / 19.06.2015
17194

Рамазондаги беш мукофот

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Рамазон ойида умматимга олдинги умматларга берилмаган бешта хислат (мукофот) берилади», дейилган («Танбеҳул ғофилин» китобидан).

«Бақара» сурасининг 183-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «...сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди».

Ояти каримадан маълум бўладики, олдинги умматларга ҳам рўза фарз қилинган, аммо ҳадисда айтилганидек, беш мукофот фақат уммати Муҳаммадга берилди. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг даражалари улуғ, умматларига кўрсатилаётган икромлар ҳам шунга кўрадир.

Юқорида келтирилган ҳадис давомида Пайғамбаримиз (с.а.в.) беш мукофотни санаб ўтдилар:

1. «Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ наздида мушку анбар бўйидан ҳам яхшироқдир».

Рўза тутиб, оч қолган кишининг оғзи ҳидланиши табиий. Бошқалар учун нохуш туюлган бу ҳид Аллоҳ учун севимли. Рўзадор учун биринчи мукофот охиратда оғзидаги мушк каби хуш ислар билан Аллоҳ таолога рўбарў бўлишидир.

2. «Оғиз очгунларича фаришталар улар ҳақига истиғфор айтиб турадилар». Яъни, рўзадор Аллоҳга маҳбуб банда бўлганидек, махлуқотга ҳам севимли бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳеч гуноҳ қилмайдиган бандалари бўлмиш фаришталар рўза тутган киши ҳақига дуо қиладилар. Демак, рўза тутувчи кишининг Аллоҳ ҳузурида, махлуқот олдида ҳам қадр-қиммати юксак – бу иккинчи мукофот.

3. «Шайтонлар кишанланиб, илгари қилиб юрган ёмонликларини қила олишмайди». Бу ойда барча шайтонлар занжирбанд этилади, бошқа пайтларда бўлганидек, эркин ҳаракатланишларига изн берилмайди. Йўлдан оздириш, васваса қилиш, алдаш каби ишларни ҳар кунгидек осонлик билан уддалашолмайди. Уммати Муҳаммадга учинчи мукофот – ибодат қилиш осон бўлади, яхши иш қилишни истаганлар ёқаларини шайтон қўлидан қутқаришга эришишади.

4. «Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини безатиб, унга: «Солиҳ бандаларимнинг дунёдаги машаққат ва азиятлари тугаб, сенга киришларига яқин қолди», деб айтади». Яъни, рўзадорлар учун тўртинчи мукофот – жаннат. Охиратда: «Менинг розилигимни кўзлаб рўза тутган бандаларим, киринглар», дейилганда жаннатдаги Раййон номли эшикдан фақат рўза тутувчиларгина киришади.

5. Бешинчи, энг сўнгги мукофот, табиийки, муборак ойнинг охирги кунлари билан боғлиқ. «Рамазоннинг охирги кечасида эса уларнинг гуноҳлари кечирилади». Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ! Ўша Қадр кечаси бўладими?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, аммо ишчининг иш ҳақи ишни мукаммал адо қилиб бўлганидан кейин берилади», дедилар». Демак, бу кеча ҳайит кунининг кечаси. Аллоҳ таоло барчамизни ҳайит айёмини Ўз мағфиратига эришган ҳолда кутиб олган масъуд бандалари қаторида қилсин.

Юқорида санаб ўтилган мукофотлар Аллоҳ таолодан Муҳаммад умматига кўрсатилган улуғ эҳсон. Улардан бебаҳра қолишдан асрасин! Пайғамбаримиз (с.а.в.) таъриф этганларидек, Аллоҳ таоло барчамизга Ўзини рози ва хушнуд қиладиган, қабул этиладиган даражада рўза тутишни, ибодатлар, таровеҳларни ўз вақтида, ўз ўрнида, одоб ва ҳузур ила адо этишни насиб айласин!

“Ирфон” тақвимининг 2011 йил, 3-сонидан олинди. / Qadriyat.uz

Top