18:19 / 23.06.2015
2358

Фарғона вилоятида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар сони 3 минг 802тага етди

Фарғона вилоятида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар сони 3 минг 802тага етди. Жорий йилда 30 қишлоқ массивида 1 минг 19та ана шундай уй-жой бунёд этилмоқда.

Кўплаб ўзбекистонликлар мустақилликнинг 24 йиллик байрамини ана шу янги уйларда кутиб олади. 

Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 7 январдаги “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

“Тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида қад ростлаётган бу уйларда барча шароит яратилмоқда.

"Бахтли ҳаёт кечиришни ҳар бир инсон орзу қилади. Бизнинг халқимизда бахт, аввало, хонадонимиздаги файзу барака, оилаларимиздаги фаровонлик билан ўлчанади. Илгари мана шундай уй-жойлар қурилишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган. Меҳмонхона, ошхона, ҳаммом, ҳовли, автомобиль турадиган жой. Бир оила учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё. Бугун ўғлим Умиджон билан бу уйларни кўриб, ҳавасимиз келди, биз ҳам буюртма беришни мақсад қилдик", – дейди Раҳмон ота Жабборов. 


Top