12:05 / 25.06.2015
2179

Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган махсус операция давомида 50 кг миқдоридаги гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтиш тўхтатиб қолинди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мамлакат ҳудуди орқали Тожикистондан Қозоғистонга гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳни фош этди.

Тезкор ходимлар томонидан олиб борилган уч босқичли операция давомида жиноий гуруҳнинг барча 11 нафар аъзоси қўлга олиниб, улардан 6 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро Ф.Холиқова ва унинг қизи О.Назарова Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани ҳудудида бир килограммдан ортиқ қорадори билан қўлга олинди. Маълум бўлишича, оғуфуруш аёллар қорадори моддасини қозоғистонлик харидорга етказиб беришни режалаштирган экан. Қисқа фурсат ичида уларнинг яна икки нафар жиноий шериги – Ш.Равшанов ва Ж.Маҳмадуллаев ҳам қўлга олинди. Уларга тегишли «ВАЗ-2106» автомашинасининг газ баллони ичидан 12 ўрамда, умумий оғирлиги 3,5 килограмм бўлган қорадори моддаси топилди.

Операциянинг сўнгги босқичида фуқаро Ш.Усмонова 2 килограмм қорадори моддасини фуқаро К.Мелиқуловадан олиб, хорижлик харидорга етказиб беришга уринган вақтда Мирзачўл тумани ҳудудида қўлга олинди. Тезкор тергов ҳаракатлари натижасида контрабанда ташкилотчиси, гиёҳвандлик воситаларини кутиб турган шахс – Қозоғистон Республикасининг Жеттисой туманида яшовчи Б.Асилбеков ҳамда унинг жиноий шериги, Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчасида истиқомат қилиб келаётган Д.Мелиқуловлар ҳам қўлга олинди. Б.Асилбековнинг ёнидан «Марголин» русумли пистолет ва унинг етти дона жанговар ўқи топилди.

Ўтказилган яна бир тадбир натижасида қўшни давлатдан наркотик моддалар олиб ўтиш «канал»ини йўлга қўйган жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилди. Жиноий гуруҳга алоқадор 7 нафар шахс қўлга олиниб, улардан олинган 12 килограммга яқин гиёҳвандлик воситаси мусодара этилди.

Тезкор тадбирлардан яна бирида Тожикистондан йирик миқдордаги гиҳёвандлик воситалари мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олди олинди. Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудида ҳаракатланиб бораётган "Nexia" русумли автомашина тўхтатиб текширилганда 1984 йилда туғилган Б.Мустафоев ҳамда 1986 йилда туғилган Н.Жумабоев ўзлари билан хавфли юк олиб кетаётгани маълум бўлди. Автомашина газ баллони ичидан устамонлик билан яшириб қўйилган, умумий оғирлиги салкам 11 килограммни ташкил этган қорадори холислар иштирокида олинди. Қўлга олинган шахсларнинг кўрсатма беришича, улар "заҳри қотил"ни ўзларига аввалдан таниш бўлган тожикистонлик оғуфурушлардан олиб, уни юртимизда пуллашни режалаштиргани аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл шаҳрида 1985 йилда туғилган М.Исмоилов бошқарувидаги автомашина тўхтатиб текширилганда, ундан хуфиёна жойлаштирилган қарийб 15 килограмм қорадори моддаси топилди. М.Исмоиловнинг кўрсатма беришича, у "оғу"ни Қозоғистонга олиб ўтиб, жиноий шерикларига сотишни мўлжаллаган.

Ушбу 6 ҳолатда жами 49,5 кг гиёҳванд моддаси мусодара қилинди.

Барча ҳолатлар бўйича жиноий гуруҳ аъзолари ва жиноятчилар суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Top