15:28 / 26.06.2015
3605

2040 йилга келиб АҚШда оқ танлилар камчиликни ташкил қилиши мумкин

АҚШда бошқа ирқ ва этнос вакилларининг миграция ҳисобига шиддат билан ошиб бориши натижасида 2040-йилларга келиб оқ танли америкаликлар камчилик бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумот берди.
Миграциядан бошқа омиллар сифатида муҳожирларнинг тез суръатларда табиий кўпайиши ҳамда оқ танли аҳолининг қариётгани кўрсатилган. Жумладан, мамлакатда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 50.2 фоизи этник ва ирқий камчиликлар оилаларида дунёга келган. Уларнинг табиий кўпайиши ўлим кўрсаткичларидан уч баробар кўпроқдир. Оқ танли аҳоли орасида эса 2013-2014 йилларда ўлим туғилишга нисбатан 62 мингга кўпроқ бўлган.

“Оқ танли аҳоли табиий равишда камайиб боришини кутгандик, аммо бу 10-20 йилдан кейин бошланади деб ўйлагандик, – тан олди Нью-Хэмпшир университети демографи Кен Жонсон. – Қизиғи, оқ танлилар бошқа аҳоли гуруҳларига нисбатан кўпроқ муҳожирлар орқали тўлдирилиш ва кўпайтирилишга муҳтождир”.
Охирги маълумотларга қараганда, 2014 йилнинг июль ҳолатига кўра мамлакатда оқ танлилар 197.9 млн, Лотин Америкаси вакиллари 55.4 млн, афроамерикаликлар 45.7 млн, осиёликлар 20.3 млн, туб америкаликлар 6.5 млн, гавайиликлар ва Тинч океани ороллари халқлари вакиллари 1.5 млн кишини ташкил қилади.
Шу билан бирга, Нью-Мексико штатида Лотин Америкаси вакиллари аҳолининг 47.7 фоизини ташкил қилади. Уларнинг энг катта қисми – 15 млн киши Калифорния штатида истиқомат қилади.
Афроамерикаликлар энг кўп яшайдиган штат Нью-Йоркдир – уларнинг сони бу ерда 3.8 млн кишини ташкил қилади. Миссисипи штатида эса афроамерикаликлар аҳолининг 38.2 фоизини ташкил қилади.
Осиёликларнинг энг катта улуши Калифорнияга тўғри келади – 6.3 млн киши. Фоиз жиҳатдан улар Гавайи штатида аҳолининг кўчилигини ташкил қилади – 56.2 фоиз.
Умумий олганда, АҚШ аҳолиси 315 млн ни ташкил қилади. Башоратларга қараганда, 2051 йилга келиб аҳоли сони 400 млн кишига, 2060 йилда эса 420.3 млн кишига етади. У пайтга келиб оқ танлилар аҳолининг 43 фоизини, афроамерикаликлар 14.7 фоизини, Лотин Америкаси вакиллари 31 фоизни, осиёликлар 8 фоизни ташкил қилади.

Top