12:38 / 27.06.2015
4723

Олий суд пленуми мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда пленумнинг «Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида соҳага оид қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби такомиллаштирилгани, автомобиллар ҳаракатини кузатиш ва назорат қилишнинг марказлаштирилган ягона ахборот-компутер тизими шакллантирилаётгани ва бошқа комплекс чора-тадбирлар амалда кутилган самарани бермоқда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, йўлларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида дунёда ҳар йили 1,2 миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмади. Мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг маърузасида Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги учун хавфли омилларнинг олдини олиш чораларини кўраётган, яъни транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришни истисно этувчи, хавфсизлик камаридан фойдаланишни таъминловчи мукаммал қонун нормаларига ва бошқа бир қатор йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини назарда тутувчи қонунчилик базасига эга бўлган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган.

Пленумнинг «Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорини қабул қилишдан кўзланган мақсад транспорт ҳаракати хавфсизлигига оид қонунларни амалиётда самарали тадбиқ этишдир. Бу соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев иштирок этди.

 

 
 
Top