14:36 / 02.07.2015
4284

Қирғизистондаги қамоқдан қочиб кетган қозоғистонликлар теракт содир этмоқчи бўлганликлари айтилди

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қўлидаги маълумотларга қараганда, яқинда қамоқдан қочиб кетган икки нафар қозоғистонлик маҳбус Қирғизистон ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширишни режалаштирган. Бу ҳақда Новости-Казахстан агентлиги хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 июнь куни икки нафар қозоғистонлик Қирғизистон қамоқхонасидан қочиб кетди. Улардан бири ўқотар қурол қўллади, иккинчиси эса граната портлатишини айтиб уларни қўлга олмоқчи бўлган ҳуқуқ-тартиботчиларни қўрқитди.
1991 йили туғилган Амиров Жонбўлат Бўлатўғли ва 1988 йили туғилган Абхин Альберт Сотиболдиўғли 2014 йили давлат чегарасини бузганликда ва ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланиб, 3 ва 4 йилга қамалган эди.
1 июль куни Абхин топилди, аммо уни қўлга олишга ҳаракат қилинганда жиноятчи ўзини портлатиб юборди. Иккинчи қочқин маҳбус қидирилмоқда.

Top