14:43 / 09.07.2015
15809

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг расмий веб сайти очилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг расмий веб сайти – www.vakillik.uz сайти фаолият бошлади.

Мазкур веб сайтдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги фаолияти, Тошкент шаҳри масжидлари имом-хатибларининг долзарб мавзудаги мақола ва видеороликлари, Тошкент шаҳрида жойлашган масжидлар ва уларнинг тарихи ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, юртимиз ва жаҳон ислом оламидаги янгиликлардан хабардор бўлиб бориш мумкин.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг www.vakillik.uz сайтининг фаолияти муносабати билан билдирилган табрик сўзида веб сайтнинг мақсади ҳақида қуйидагилар келтирилади:

Юртимизда мусулмонларнинг диний саводини ошириб боришда, мусаффо ислом таълимотини етказишда диний-маърифий соҳада чоп этилаётган адабиётлар, рисолалар билан бир қаторда интернет сайтларининг фаолияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро бугунги ахборот технологиялари жадал суръатларда ўсиб бораётган бир вақтда ахборот ва билимларни янгича услуб ва воситалар орқали етказиш бу борадаги ишларнинг самарадорлигини белгилаб беради.

Муборак Рамазони шариф ойида мазкур йўналишдаги яна бир кичик уриниш, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти – www.vakillik.uz фаолият бошлаши билан барчангизни қутлаймиз! Бундан кўзланган мақсад соғлом ва мустаҳкам эътиқод асосида халқимиз, айниқса, эртанги кунимиз эгалари бўлган – ёшларимиз онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, уларни турли ёт ғоялар ҳамда асоссиз таълимотлар таъсиридан ҳимоя қилишдир. Бу ўринда исломий тафаккурни шакллантириш муҳим ўрин тутади. Зеро динимиз ақлга, тафаккурга катта эътибор берган.

Top