12:32 / 09.07.2015
20851

Япония сувлари остида Хубилайхоннинг кемаси топилди

Япониялик археологлар Такасима оролига яқин ҳудудда 15 м сув остида XIII асрда ғарқ бўлган кема қолдиқларини топишди. Тахминга кўра, кема 1281 йили Японияга ҳужум қилган мўғул армадаси таркибига кирган. Кема қолдиқларининг узунлиги 12 м, кенглиги 3 м.
Афсонавий саркарда Чингизхоннинг набираси Хубилай 1281 йили Японияга ҳужум қилишга отланади. Аммо денгизда камикадзе номини олган тайфуннинг кўтарилиши натижасида унинг флоти сув остига ғарқ бўлади. Археологлар бу кеманинг ўша флотга тегишли эканлигини тахмин қилмоқда.
Флотга тегишли дастлабки кема 2011 йилда топилган эди.
Рюкю университети ходими, тадқиқот раҳбари Йошифуми Икеданинг сўзларига қараганда, кеманинг мўғулларга тегишли эканлигини аниқлаш учун у ердаги топилмалар, жумладан, сопол буюмлар, чинни қадаҳлар, одамларнинг қолдиқлари ўрганиб чиқилган. Уларнинг бари XII-XIII асрга тегишли эканлиги аниқланган. Ўз навбатида, кема шакли мўғуллар даврига ишора қилди.
Хитойда Юань сулоласига асос солган мўғул хони Хубилай Японияга икки марта юриш қилган – 1274 ва 1281 йилларда, аммо икки сафар ҳам унга денгиз тўфонлари тўсқинлик қилган. Япон манбаларида бу тўфонлар камикадзе, яъни “илоҳий шамол” деб аталган. Афсонага кўра, бу тўфонлар японларни асраб қолиш учун худолар томонидан юборилган. Яқинда аниқланишича, бу даражада шиддатли тайфунлар охирги 2 минг йил ичида фақатгина XIII аср иккинчи ярмида кузатилган экан.

Top