09:56 / 11.07.2015
7739

2015 йилги "Шарқ тароналари" фестивалида 7та давлат вакиллари илк марта иштирок этишади

Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига кўрилаётган тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда вилоят ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган ва 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур санъат анжумани бугунги кунда дунёнинг энг нуфузли маданий форумларидан бирига айлангани таъкидланди. 

Маълум қилинишича, бу гал 65 давлатдан 320 дан зиёд иштирокчи келиши кутилмоқда. Португалия, Маврикия, Бутан, Коста-Рика, Мали, Перу, Эквадор давлатлари вакилларининг илк бор фестивалда қатнашиши кутилмоқда. Дастлабки фестивалда 31 давлат вакиллари Регистонда ўз санъатини намойиш этганди.

Фестиваль ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани туфайли унда мазкур халқаро ташкилот раҳбарларининг расмий меҳмон сифатида иштирок этиши анъанага айланган. Хусусан, 2013 йилги фестивалда ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова қатнашган эди. 

"Фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилади. Шарқ анъанавий мусиқаси ривожланишининг босқичлари ва унинг жаҳон мусиқа маданияти ривожидаги ўрнини ўрганиш мақсадида ташкил этилаётган бу йилги анжуманда ҳозиргача 15 давлатдан олимлар қатнашиш истагини билдирган. Ҳозир конференция дастури тайёрланмоқда", – дейди мазкур анжуман раҳбари, санъатшунослик доктори, профессор Рустам Абдуллаев. 

Матбуот анжуманида фестивалга тайёргарлик доирасида Самарқанд шаҳрида меҳмонларни кутиб олиш ва уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш, юқори сифатли замонавий хизматлар кўрсатишга кўрилаётган тайёргарлик, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Top