17:30 / 17.07.2015
9180

Хоразм вилояти ҳокими нархларнинг ўсишидан нолиди

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳосил йиғиш мавсумининг бошланганига қарамай, марказий деҳқон бозорларида нархлар тушиш ўрнига кўтарилмоқда. Айниқса картошка, пиёз, сабзи сингари асосий маҳсулотларнинг нархи баланд бўлиб қолмоқда.
Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов ҳокимиятда ўтказилган йиғилиш чоғида айтиб ўтди.
“Жойларда деҳқонлар ва фермерлар ушбу маҳсулотларни харидор бозорда кўрадиган нархлардан анча арзон сотмоқда: 1 кг картошка 300-400 сўм, сабзи 200-250 сўм, пиёз 150-200 сўм”, – дейилади хабарномада.
Бундан ташқари, дала майдонларига эга фуқароларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Шу билан бирга, нархларни тушириш мақсадида туманларда агрофирмалар ташкил этилмоқда. Уларга умумий миқдорда 115 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шаҳарларда доимий савдо дўконига эга бирорта фермер хўжалигининг йўқлигини таъкидлаб ўтилди. Уларнинг ўрнига тижорий дўконлар ишламоқда.
Йиғилиш якунида Урганч ва Питнак шаҳарлари марказий бозорларини товарлар билан таъминлаш, маҳсулотнинг санитар ҳолатини яхшилаш ва нархларни назорат қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштирувчи вилоят штаби ташкил этилди.

Top