13:05 / 18.07.2015
6543

Қатортолда савдогарлар ўртасидаги жанжал пичоқбозликка олиб келди

Тошкентдаги Қатортол савдо мажмуасида савдогарлар ўртасида келиб чиққан жанжал улардан бирининг пичоқланиши билан якунланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Айтилишича, қашқадарёлик 25 ёшли Акбар Собиров ушбу бозорда савдо қиладиган жиянлари Шерзод ва Шуҳрат Кенгбоевлардан хабар олиш учун Тошкентга борган. Жиянлар унга қўшни дўконда ишлайдиган йигитлар уч-тўрт кун муқаддам уларни урганини айтган. Собиров қўшни дўконга чиқиб, у ердагиларга ўз норозилигини билдирган. Ўзаро гап талашиш жанжални келтириб чиқарган. Шунда Собиров жиянларининг дўконидан пичоқ олиб келиб, рақиби Ботир Эгамовнинг кўкрагига санчган.

Вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли Эгамов тирик қолди. Собиров эса қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Top