13:43 / 21.07.2015
2236

"Депортиво" ҳақоратли твити учун Хулио Рейнинг трансферини бекор қилди

"Фабрила" жамоаси футболчиси Хулио Рейнинг "Депортиво" жамоасига ўтиши борасидаги ҳаракатлар тўхтатилди.

"Депортиво" жамоасининг расмий сайтида маълум қилинишича, галисияликлар футболчини сотиб олгани ҳақида ўтган якшанба куни эълон қилганди, бироқ кутилмаганда келишувдан воз кечилди. Маълум бўлишича, Рей 2012 йили ўз твиттерида "Депортиво" ва унинг мухлислари шаънига ҳақоратли хабар қолдирган — ҳозирда бу хабар ўчириб ташланган.

"Клуб Хулио Рейнинг ижтимоий тармоқларида бир неча йил аввал қолдирилган хабарларни текшириб чиқиб, ўйинчи билан шартнома имзоламасликка қарор қилди", - дейилади "Депортиво" баёнотида.

"Депортиво" либосини ўзини ҳақиқий спортчи сифатида кўрсата олган, рақибларини ҳурмат қиладиган, жамоа, унинг ранглари, рамзи ва қадриятларига содиқ бўла оладиган инсонгина кийишга ҳақли", - дея қўшимча қилинади клуб баёнотида.

Top