02:01 / 23.07.2015
7410

Миср нашри Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг ривожланиши ҳақида

Миср Араб Республикасида чоп этиладиган «ал-Ақлам ва ал-Қутуб» илмий-оммабоп журналида Тошкентда бўлиб ўтган “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва жамиятни демократлаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ҳақидаги мақола босилиб чиқди.

Нашр ушбу анжуманда Корея Республикаси, Япония, Хитой Халқ Республикаси, Австралия, Латвия ва Грузиядан ахборот технологиялари соҳаси экспертлари қатнашганини ўз ўқувчиларига маълум қилган. Улар Ўзбекистоннинг миллий ахборот-коммуникация тизимини босқичма-босқич ривожлантириш, ахборот соҳасига доир миллий қонунчиликни изчил такомиллаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқишгани баробарида давлат ва жамият қурилиши жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш борасидаги халқаро тажриба ҳам муҳокама этишгани атрофлича қаламга олинган.

Нашр қайд этганидек, давра суҳбати чогъида ахборот-коммуникация технологияларидан давлат бошқарувида самарали фойдаланиш, бу йўналишдаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, аҳолига интерфаол хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳимоя қилиниши ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Журнал халқаро давра суҳбатида тингланган фикр-мулоҳазалар, халқаро тажриба, таклиф ва тавсиялар, муҳокамалар натижалари ўрин олган таҳлилий хулосалардан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги қонун ижодкорлигида, давлат органларига турмуш тарзининг барча жабҳаларига замонавий инноватсиялар, қулайликларни жорий қилишлари учун зарур ҳуқуқий замин ва шарт-шароитларни яратишда унумли фойдаланиш мумкинлигини эътироф этган.

Мақола сўнггида тадбирнинг қатор иштирокчилари томонидан мавзу юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар қаламга олинган.

Манба: jahonnews.uz

Top