00:05 / 23.07.2015
2181

Швециялик сиёсатчининг ёнидан ярим тонна динамит топилди

Швециянинг жанубида жойлашган Фалкенберг шаҳрида полиция икки кишини 550 кг динамит ва портлатгич тўпламини сақлашда гумон қилиб қўлга олди, деб хабар берди The Local нашри.

Қўлга олинганлардан бири Швецияда иммиграциянинг чекланиши учун фаол курашувчи ва миллатчилик доираларида алоқаларга эга бўлган, “Швед демократлари” партиясининг маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идораси аъзоси бўлган. Гумонланувчи қўлга олингандан кейин партия сафидан чиқариб юборилди.

Ушбу шахс динамитни харид қилганини рад этмоқда. Унинг адвокатининг айтишича, ҳимояси остидаги гумонланувчи динамитга иш пайтида дуч келган. Иккинчи гумонланувчи динамитни танишидан сотиб олганини тан олди.

Полициянинг хабар беришича, 4 августда гумонланувчиларга нисбатан айблов қўйилади. Улар динамитни нима мақсадда ишлатмоқчи бўлганлари ҳозирча номаълум қолмоқда.

Top