16:24 / 24.07.2015
3423

Хитойлик жарроҳ ўзининг аортаси ёрилган ҳолида жарроҳлик амалиёти ўтказди

Хитойнинг Цзянсу вилояти, Цзинцзян шаҳридаги шифохонада кичик шов-шувга сабаб бўлган жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шифохона жарроҳи ўз аортаси ёрилиб кетганига қарамасдан, ўзи олиб бораётган операцияни якунига етказган. Бу ҳақда "Женьминь жибао" нашрида ёзилган.

Хабарда ёзилишича, бу "қаҳрамонона иш"ни 49 ёшли кардиолог-жарроҳ Ху Фанбинь амалга оширган. У миокардни бошидан ўтказган кекса беморни операция қилиш чоғида ўзининг кўкрагида кучли оғриқни ҳис қилган. Бироқ операциянинг энг муҳим қисмида уни тўхтатиш бемор ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини ҳисобга олган жарроҳ чидашга қарор қилган.

Унга ёрдамчилари шошилинч равишда иккита морфин уколини юборишган. Шундан сўнг у ишини давом эттирган. Фанбинь беморга сўнгги чокни туширганидан кейингина ўзини кўриб қўйишларини сўраган.

Унга «юрак аортаси аневризми» ташхиси қўйилди ва 12 соат давомида операция қилинди. Айни пайтда Ху Фанбиннинг ҳаёти хавфдан холи.
Маълумот учун, аорта - инсон танасидаги энг катта томир ҳисобланади. Унинг ёрилиши тезкор равишда жарроҳлик амалиёти ўтказишни талаб этади йўқса бу туфайли 90 фоиз ҳолатда ўлим содир бўлади.

Top