08:46 / 25.07.2015
2428

АҚШ Давлат котиби ўринбосари: «Афғонистонда хавфсизлик соҳасида бўшлиқ пайдо бўлмайди, деб ишонаман”

Тошкентга ишчи сафар билан келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича биринчи ўринбосари Ричард Хоугланд Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув ўтказди.

Хоугланд бу учрашув натижалари бўйича журналистларга баёнот берди.

“Туркистон-пресс” ахборот агентлигининг маълум қилишича, Хоугланд Абдулазиз Комилов билан музокаралар жуда сермаҳсул бўлганини таъкидлаб ўтди. Музокараларда савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий характердаги баъзи масалалар муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида, шунингдек, Янги Ипак йўли концепцияси ҳамда АҚШнинг бу Ипак йўли минтақадаги барқарорлик ва фаровонликка қандай хизмат қилиши борасидаги қарашлари муҳокама қилинди.

Учрашувда, шунингдек, Афғонистон билан боғлиқ масалалар, хусусан, бу мамлакат томонидан Марказий Осиёга солинаётган таҳдидлар ҳақида сўз юритилди.

“Мен эҳтиёткорликни талаб қиладиган муайян хавф даражаси борлигини инкор этмайман. Ва албатта ИШИД борасида синчков бўлиш керак.

Афғонистонда хавфсизлик соҳаси борасида бўшлиқ пайдо бўлмайди деб ишонаман – мен бу борадаги хавотирланишни тушунаман. АҚШ ва бизнинг халқаро ҳамкорларимиз Афғонистонда талаб этилган ҳарбий операцияларнинг катта қисмини виждонан ва рўйирост бажардилар”, деб айтмоқда Хоугланд.

“Ўзбекистоннинг Афғонистоннинг ривожланишига қўшган ҳиссаси сифатида Ҳайратондан Мозори-Шарифгача қурилган темир йўл қурилишини айтиш мумкин. Бу Афғонистондаги темир йўл тизимини ривожлантиришдаги биринчи қадам бўлди. Ўзбекистондан Қобулга электр энергия тақдим қилиниши бу ёрдамга яна бир мисол бўла олади”, деб таъкидлади дипломат.

Top