23:27 / 25.07.2015
3566

Самарқанд газ тармоғида тўққиз ойда уч марта раҳбар алмашди

Самарқанд шаҳар газ тармоғида тўқииз ойда уч марта раҳбар алмашди. Бу ҳақда маҳаллий эркин журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз сайтида ёзмоқда.
“Шаҳар газ тармоғи тажриба майдончасига айланиб қолди: охирги пайтларда бу ерда йилига 2-3 раҳбар алмашади. Илгаригиси 3 ой ишлади, ундан илгаригиси эса ярим йил ишлаган эди”, – дейди журналист.
Жорий йилнинг май ойида янги бошлиқ тайинланган эди. Аммо у соғлиғидаги муаммолар туфайли ишдан бўшади. Июлда унинг ўрнини Иззат Йўлдошев эгаллади. Бу шахс икки йил муқаддам ҳам айнан шу лавозимга тайинланиб, ярим йил ишлаган эди.
Раҳматуллаевнинг ёзишича, 2014 йилнинг октябрь ойидан 2015 йилнинг май ойига қадар тайинланган раҳбарлардан ҳеч бири соҳа мутахассиси бўлмаган эди.
“Йўлдошев билан учрашиб, мен унга ҳеч бўлмаганда икки-уч йил ишлашни тиладим, – дейилади материалда. – Ўз-ўзидан тушунарлики, газ тармоғида тартиб ўрнатиш талаб қилади. Фақатгина битта мисол келтираман. Инспекторлар аҳолидан ишлатилган газ учун пул тўплайди, лекин квитанция бермайди. Ўша инспектор ишдан бўшаб кетса, у тўплаган пуллар тегишли жойга етиб бормай қолиб кетади. Шу боис, менинг таклифимча, ишдан бўшатилаётган инспектордан маҳалла оқсоқолидан ҳеч қандай эътирозлар ва қарзлар йўқлиги ҳақида маълумотнома олиб келиб беришни талаб қилиш керак”.

Top