21:14 / 28.07.2015
15905

GM Uzbekistan компанияси Labo мини юк машинасини серияли ишлаб чиқармоқда

GM Uzbekistan қўшма корхонаси 27 июлда “Хоразм Авто” заводида Chevrolet Labo автомобилини серияли тарзда ишлаб чиқаришни бошлади, деб хабар бермоқда “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати.

GM Uzbekistan’нинг Хоразмдаги заводида йилига бундай автомобилдан 5000 дона ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Ушбу кичик ўлчамдаги юк машинасини (550 кг гача юк кўтаради) ишлаб чиқариш Ўзбекистоннинг 2015 йилга мўлжалланган инвестицион дастурига мувофиқ ўзлаштирилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,9 млн долларни ташкил қилди.
Chevrolet Labo юк машинаси Damas’нинг очиқ бортли кузовга эга модели ҳисобланади ҳамда шаҳар ва қишлоқ шароитларида қисқа масофаларга юкларни етказиб беришга мўлжалланган.

Автомобиль 38 от кучига эга уч цилиндрли 0,8 литрли двигатель ва беш поғонали механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган.

Бу янги модель Хоразм вилоятидаги GM Uzbekistan заводида ишлаб чиқариладиган учинчи модель бўлади. Ҳозирда бу заводда Damas ва Orlando машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси Андижоннинг Асака шаҳрида жойлашган бўлиб, General Motors (АҚШ) корпорацияси ва “Ўзавтосаноат” АЖ билан 2008 йилнинг мартида ташкил этилган. Корхонанинг 75 фоизи “Ўзавтосаноат” компаниясига, 25 фоизи эса GM’га тегишли.

Top