10:48 / 28.07.2015
4213

Швеция соҳиллари яқинида Биринчи жаҳон уруши пайтидаги рус сув ости кемаси топилди

Швециянинг Ocean X-team компанияси ғаввослари Швеция қироллигининг ҳудудий сувларида денгиз остида кичик ўлчамдаги рус сув ости кемасини топишди. Сув ости кемаси Швеция соҳили яқинида, Болтиқ денгизи тубида аниқланди. Кеманинг узунлиги 20 метр, эни 3 метрни ташкил қилади.

Кема масофадан бошқарилувчи сувости қурилмаси ёрдамида аниқланган. Хусусан, қурилма ёрдамида олинган суратлардан бирида инқилобгача рус тили имлосида ундош сўзлар охирида ишлатилган айириш белгисини кўриш мумкин.

“Ҳозирча, кема неча йиллик экани ва сув остида қанча ётгани номаълум, бироқ унинг корпусидаги рус ҳарфлари унинг Россияга тегишли эканига ишора қилмоқда”, деб айтилмоқда компания берган матбуот баёнотида.

Ҳарбий мутахассислар топилган мини сув ости кемаси Биринчи жаҳон урушида йўқолиб қолган “Сом” рус кемаси эканлигини тахмин қилишмоқда.

Сув ости кемаси ўзига хос гумбази билан шу типдаги кемаларни эслатиб юборади. Шунингдек, кеманинг топилган жойи рус кемасининг ҳалокатга учраган жойига яқин жойлашган.

Россияга тегишли “Сом” кемаси АҚШда 1901 йилда ясалган. Кема 1916 йилнинг 10 майида Оландсгаф туманида патруль хизматини ўтаётган пайтида Швециянинг “Ингерманланд” пароходи билан тўқнашиб кетганидан кейин сув остига ғарқ бўлган. Кема экипажи 18 кишидан иборат бўлган.

Top