11:15 / 29.07.2015
4686

Йилнинг энг фаол ёш кимёгари аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ўтказилмоқда. Айни кунларда 4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг Республика тармоқ босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишдир.

Куни кеча Чирчиқ шаҳридаги “Максам-Чирчиқ” маданият саройида мазкур танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича Республика босқичи ўтказилди. Унда “Ўзкимёсаноат” ДАК тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ва танловнинг дастлабки босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган 7 нафар ёш кимёгар беллашди.

Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, улар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигининг ортиши, инновацион ишланмаларнинг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди.

Энг муҳими тадбир орқали ёшларнинг ноёб кашфиётлари юзага чиқарилди. Масалан, “Фарғонаазот” АЖнинг Карбомид цехи инженер технологи Пўлатжон Холдоров танловда “Синтез реакторини модернизация қилиш” лойиҳаси билан иштирок этди. Ушбу лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, модернизация натижасида карбомид ишлаб чиқаришдаги реакция жараёни 57 фоиздан 60 фоизга кўтарилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми суткасига 1000 тоннадан 1096 тоннага ортади. Бир йилда эса маҳсулот ишлаб чиқариш 31 минг 600 тоннага ошади. Мазкур лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши натижасида йилига қарийб 17 миллиард сўм қўшимча фойда олинади.

“Навоийазот” АЖнинг 25-цехи устаси Беҳзод Шералиевнинг инновацион ишланмаси эса хлор таблеткаларини олишда асосий маҳсулот ҳисобланган “сианур” кислотасининг синтез жараёнида электроэнергияни ишлатмаган ҳолда табиий газдан унумли фойдаланишга йўналтирилган. Бу орқали ишлаб чиқариш унумдорлиги 3 баробарга ортиши билан бирга хлор таблеткаларининг таннархи      2 баробарга арзонлашади. Шунингдек, мазкур лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши натижасида жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Танловда нуфузли ҳакамлар хайъати томонидан “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди.

Ғолиблар Кимё саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши дипломлари ва совғалари билан тақдирландилар.

Эслатиб ўтамиз, танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Мазкур форумда энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантларни қўлга киритадилар.

 

Top