19:57 / 30.07.2015
6491

Тошкентдаги дабдабали тўйларнинг ташаббускорлари аёллар бўлмоқда

Тошкентнинг Бирлашган маҳалласида хонадон эгалари тўй маросимларининг қайси тўйхонада ўтиши, унга қанча одам таклиф этилиши, қудалар ўртасидаги олди-бердиларни маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат ҳал қил қилиш одат тусини олган.

УзА нашрининг қайд этишича, бу ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, тўйларнинг ихчам, файзли ўтишига хизмат қилмоқда.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳусния Рўзиева дабдабали тўйларнинг ташаббускорлари аёллар бўлаётганига эътиборни қаратган.

"Ортиқча ҳашамларга берилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида маҳалладаги обрўли хонадон вакиллари, нуронийлар билан бирга аёллар ўртасида тушунтириш ишларини мунтазам олиб борамиз. Машаққат билан топилган ноз-неъматларнинг исрофи оқибатда яхшилик келтирмаслиги, шукроналик, қаноат инсонга зийнат, обрў-эътибор келтирувчи фазилат экани тўй эгаларига батафсил тушунтирилади. Бу ўз самараларини бераётир. Аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, баъзан бир кунлик ҳою ҳавас деб оёғи ердан узилаётган, миллий қадриятларимизга беписанд қараётганлар ҳам учраб туради. Бундай оилаларга ҳам ортиқча дабдаба обрў келтирмаслигини ётиғи билан тушунтириб, топилган маблағи ҳисобидан боқувчисини йўқотган кексалар, беморлар, кам таъминланган оилаларга мурувват кўрсатиш энг катта савоб эканини етказмоқдамиз", дейди Ҳусния Рўзиева.

Top