21:29 / 31.07.2015
3320

Қорақалпоғистонда йил имоми аниқланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳар йили “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилиб келинмоқда. Танловни ўтказишдан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш, интизомли, илғор, ташаббускор, тадбиркор, нутқи равон ва кенг омма афкорига ўз фикрини теран тушунтириб етказиб бериш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, ҳар томонлама фаол йил имом-хатибларни аниқлаш ва кенг жамоатчиликка маълум қилиш.
Жорий йилнинг 29 июль куни Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мазкур танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳарларда ғолибликни қўлга киритган имом-хатиб ва имом-ноиблар иштирок этишди.
Кўрик танлов қатнашчилари билан Қуръони карим оятларининг тафсири, турли фиқҳий масалалар, Ислом тарихи, ақидапараст оқимлар ва уларнинг сохта иддаолари каби мавзуларда савол-жавоблар қилинди. Шунингдек, иштирокчиларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кўрик танлов давомида қатнашчилар ўзларининг билимдонлик, ҳозиржавоблик ва илмий салоҳиятларини намойиш этди.
Якуний босқич натижаларига кўра, биринчи ўрин Нукус шаҳри “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди имом-хатиби Бахраматдин Разовга насиб этди. Тадбир сўнгида ғолиб ва иштирокчиларга совғалар топширилди.
Танлов низомига кўра, Бахраматдин Разов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Йил имоми – 2015” кўрик танловининг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Манба: Muslim.uz

Top