19:22 / 02.08.2015
9378

Самарқандда 19 киши Сибир куйдиргиси борлиги гумон қилиниб, шифохонага ётқизилди

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида 19 киши Сибир куйдиргисига чалинганликда гумон қилиниб шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда маҳаллий санитария-эпидемиология хизматига таянган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

“25 июль куни Пастдарғом туманидаги Исломобод туманида истиқомат қилувчи 19 киши Сибир куйдиргисига гумон қилиниб, шифохонага ётқизилди”, – деди маҳаллий эпидемиология хизматининг номи келтирилмаган вакили агентлик мухбири билан мулоқот чоғида. Айни пайтда туманда аксилэпидемия тадбирлари амалга оширилмоқда.

2014 йилнинг июль ойида матбуотда Сирдарё вилоятида яшовчи 30 киши худди шу хасталикка чалинганда гумон қилинаётгани ҳақида ахборот тарқалган эди. Аммо мамлакатнинг расмий вакиллари бу ва шунга ўхшаш бошқа бир қанча маълумотларни инкор қилган эди.

Сибирь куйдиргиси ўткир инфекцион хасталик ҳисобланиб, ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, унга чалинган бемор оламдан ўтиши мумкин. Ушбу касаллик инсонга зарарланган жониворлар гўшти, шунингдек, тери, мўйна ва бошқалардан ўтиши мумкин. Инфекция одамдан одамга ўтмайди.

Top