22:03 / 05.08.2015
3290

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди

6 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилади.

Ялпи мажлис арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўлғуси ялпи мажлисни ўтказишга тайёргарлик тўғрисида ишчи гуруҳ раҳбарининг ахбороти тингланди.

Кенгаш мажлисида қайд этилганидек, Сенатнинг бўлғуси ялпи мажлисида 11 та масала, шу жумладан, 6 та қонун кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бўлажак ялпи мажлисининг муҳим масалаларидан бири бўлади.

Кенгаш аъзоларининг фикрича, кун тартибига киритилган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мамлакатимизда ишчанлик муҳити оширилишини таъминловчи, жамоа бўлиб инвестиция қилиш самарали тизими яратилиб, аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар учун вақтинча бўш турган маблағларни турли устувор инвестиция лойиҳаларига киритиш имконини берувчи ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилишига ёрдам беради.

Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрири), шунингдек, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг долзарблиги ҳамда муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари конституциявий ваколатларига мувофиқ ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглайдилар.

Top