21:36 / 05.08.2015
3694

Самарқанд вилоятида ноқонуний тарзда ўқотар қурол сақлашнинг 84 та ҳолати аниқланди

Шу кунларда Самарқанд вилояти ички ишлар муассасалари ходимлари томонидан вилоятда ноқонуний тарзда ўқотар қурол сақлаш ҳолатларини аниқлаш ҳамда қурол сақлашга рухсати бўлган овчиларни ҳисобга олиш бўйича махсус операция амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоят ички ишлар муассасалари томонидан ноқонуний тарзда ўқотар қурол сақлашнинг 84 та ҳолати аниқланди. Бу ҳолатлардан 45 тасида қурол эгалари уларни ўз хоҳишлари билан тегишли муассасаларга топширганлар, буни қилмаган ов қуроллари эгалари эса маъмурий жавобгарликка тортилганлар.

Ички ишлар муассасалари ходимлари маҳалла, турар-жой массивларида уйда ноқонуний тарзда қурол сақланаётган бўлса бу ҳақда тегишли муассасаларга хабар бериш ёки уни топшириш, йўқса қурол эгаларига тегишли чоралар кўрилиши бўйича одамлар билан тушунтириш иши олиб бормоқдалар.

Ноқонуний тарзда қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларга эгалик қилганлик учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасига кўра 50 та минимал иш ҳақи миқдорида жаримага тортишдан тортиб 6 ойгача ҳибсда ушлаб туриш, ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Мазкур моддада кўзда тутилган буюмларни кўнгилли тарзда топширган шахслар жавобгарликдан озод этилади.

Top