15:44 / 06.08.2015
13020

"ИШИД" интим жиҳоддан бош тортган 19 нафар аёлни қатл қилди

"ИШИД" жангарилари асирликдаги 19 нафар аёлни интим жиҳодга рози бўлмагани учун қатл қилди. Бу ҳақда Курдистон демократик партиясининг расмий вакилига асосланган ҳолда The Daily Mail нашри хабар берган.

Унинг айтишича, бу воқеа Мосул шаҳрида содир бўлган. Марҳумаларнинг миллати ҳақида маълумот берилмаган.

4 август куни БМТ Бош котибининг жинсий зўравонлик ва тўқнашувлар бўйича махсус вакили Зайнаб Бангура “ИШИД” террорчилик ташкилоти жангарилари қўлга олинган аёллар ва болаларга нархлар белгиланган прайс-листни тарқатгани ҳақида маълум қилганди.

“Қизларни гўёки нефтни сотгандек сотишмоқда. Ҳар бир қизни 5-6 эркак сотиб олиши ёки сотиб юбориши мумкин. Баъзида жангарилар қизларни ўз оилаларига минглаб доллар эвазига қайтаришмоқда”, деб маълум қилди Бангура.
Бангуранинг айтишича, 1 ёшдан 9 ёшгача бўлган қизлар ва ўғил болалар 165 доллар, 11-16 ёшли ўсмирлар 124 доллардан сотилади.

Маълумот учун, "интим жиҳод" атамаси 2013 йилда пайдо бўлган. Ўшанда асли келиб чиқиши саудиялик ваҳобий Муҳаммад ал-Арифи аёлларнинг Суриядаги "ИШИД" вакилларига Башар Асад режимига қарши курашишда ёрдам бериши учун даъват қилганди. Шундан кейин дунёнинг турли давлатларидан юзлаб аёллар "интим жиҳод" учун Сурияга келишган. Бундан ташқари жангарилар қўлида асирликда турган ўзга дин вакиллари бўлган юзлаб аёллар ҳам "интим жиҳод"га мажбур қилинишган.

Top