11:50 / 07.08.2015
8561

Андижонда 1,5 млрд сўм маблағ асосида замонавий аквапарк қурилди

Андижон вилояти Андижон туманидаги Ўрикзор маҳалласида замонавий аквапарк иш бошлади. Андижон туманидаги “Осиё мустаҳкам бунёдкор” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан барпо этилган мазкур иншоотга хориждан қарийб 1,5 миллиард сўмлик чўмилиш майдончалари, ускуна ва жиҳозлар келтирилди.

2,5 гектар ҳудудни эгаллаган аквапаркда болалар учун тўртта бассейн, чўмилиш ҳавзаси, кийиниш хоналари, душ мавжуд. Турли шакл ва ҳажмдаги фавворалар ҳам барчага яхши кайфият бахш этади. Сирпаниш қувурлари ўрнатилган майдонча ўзига хос кўринишга эга бўлиб, энг баланд сирпаниш қурилмасининг баландлиги 13 метрни ташкил этади.

Чўмилиш ҳавзасининг айланаси 170 метр, атрофида ўзига хос ландшафт яратилган. Дам олиш учун махсус жойлар мавжуд. Ҳавзада сув фильтрлаш ускунаси ёрдамида мунтазам равишда тозалаб турилади. Бундан ташқари, ёзги кафе, чўмилиш ашёлари сотиладиган дўкон мижозлар хизматида.

Top