18:15 / 08.08.2015
2745

8 август – Халқаро альпинистлар куни

8 августда бутун дунёдаги барча альпинистларнинг байрами нишонланади.

Бу байрамнинг пайдо бўлишига икки швейцариялик – шифокор Мишель-Габриэль Паккард ва тоғ йўлбошловчиси Жак Бальма сабабчи бўлган. Улар 1786 йил 7 августда биринчи бўлиб Альпнинг энг юқори нуқтаси – баландлиги денгиз сатҳидан 4810 метр бўлган Монблан чўққисини забт этишган.

Сиз ўзингизни альпинист деб ҳисоблашингиз мумкин, агар:
1. Сиз сийқаси чиқиб кетган жинси шим ёки свитерда юришингиз мумкин, лекин шу билан бирга 500 долларлик гортекс кийимга (турли шароитларга мўлжалланган махсус кийим) эга бўлсангиз.
2. Дўстингизнинг музёргич болтасидан музни пуфлаб туширмоқчи бўлганингизда, бирор марта бўлса ҳам унга лабингиз совуқдан ёпишиб қолган бўлса.
3. Сиз томорқангиздаги ерни музёргич болта билан чопсангиз.
4. Сизда тўйингиздаги фотосуратлардан кўра тоғда тушган фотосуратларингиз кўпроқ бўлса.
5. Танангизнинг бирор қисмидан бирор марта бўлса ҳам сумалак осилиб тушган бўлса.
6. Сиз бирор марта шундай баландликдан қулаб тушгансизки, арқонда осилиб қолгунингизгача сиздаги барча андреналин тугаб бўлган бўлса.
7. Сизнинг қуёшдан ҳимояловчи кремингиз сизга энг керак бўлган пайт қотиб қолган бўлса.
8. Сиз совуқ деб атайдиган ҳарорат термометр шкаласида мавжуд бўлмаса.
9. Сизга Ҳиллари исми Клинтон ёки Оқ уйдаги можароларни эмас, Эверестни эслатса (Эверестни биринчи забт этган икки кишидан бири – Сэр Эдмунд Персиваль Ҳиллари назарда тутилмоқда).
10. Сизнинг таърифингизда шам ёғдусида кечки овқат тановвул қилиш “Шамда музни эритиб, идишларга қуйиб чиқиш” деган маънони англатса.

Бу кунни нафақат тоғ чўққиларини забт этувчи қўрқмас альпинистлар, балки саноат альпинизми билан шуғулланувчилар ҳам ўз байрамлари деб ҳисоблайдилар. Йил сайин дунёда баланд иморатлар кўпайиб бормоқда ва бундай мутахассислар бу биноларнинг ойналари ва фасадларини ювишлари, бўяш ва таъмирлаш ишларини ўтказишлари, реклама шитларини ўрнатишлари, кондиционерни маҳкамлаш ва шу каби ишларни бажаришлари мумкин.

Top