12:54 / 11.08.2015
2842

Бразилиялик ҳарбийлар хитойлик ҳамкасбларини чангалзорлардаги жангларга тайёрлайди

Defense Newsнинг хабар беришича, Хитой ҳарбий амалдорлари Бразилияга чангалзорларда ҳарбий амалиётларни ўтказишга тайёргарлик кўриш учун кўмак сўраб мурожаат қилишди.

CIGS чангалзорларда ҳарбий амалиётлар бўйича ўқув маркази раҳбари Мартинснинг сўзларига кўра, Хитой бир гуруҳ офицерларни марказда малака ошириш учун юборишга тайёргарлик кўраётган эди, бироқ вақт ўтиб шартлар ўзгарган.

“Айни пайтда улар биздан Хитойда ўзларининг шахсий дастурини ривожлантиришда кўмаклашиш учун мураббийлар ҳамда чангалзорларда жанг олиб бориш тажрибамизни тақдим этишни сўрашди”, дея қайд этиб ўтди полковник.

50 йиллик тарихи мобайнида Бразилиянинг CIGS ўқув маркази 6 минг нафардан зиёд мутахассис, жумладан, 500 нафар чет эллик билан машғулотлар олиб борган.

Таъкидланишича, таҳсил олувчи хорижликларнинг аксарият қисми Лотин Америкаси мамлакатларидан жўнатилган бўлиб, 27 киши АҚШ ва 100 нафари европалик ҳисобланади. Осиёдан эса шу вақтга қадар фақатгина бир мутахассис малака ошириб қайтган.

Офицерлар учун ташкил этилувчи 10 ҳафталик курсларда чангалзорларда яшаб қолиш ва ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш кўникмалари ўргатилади. Ўз ҳарбий қисмларига қайтганидан сўнг эса ўз аскарларига эгаллаган билимларини ўргатиш имконига эга бўлади.

Қайд этилишича, хитойлик ҳарбийларнинг мақсади ҳозирча номаълум. Мамлакат эса бир неча давлатлар билан қалин ўрмонли чегараларга эга.

Top