16:09 / 11.08.2015
7655

Европа кенгашида Молдова навбатдаги қайноқ нуқта бўлиши мумкинлиги айтилди

Молдова янги қайноқ нуқтага айланиш хавфи остида турибди, мазкур мамлакатдаги инқироз эса ўз чегараларидан ташқарига чиқиши мумкин. Бундай фикр Европа кенгаши бош котиби Турбьерн Ягланд томонидан билдирилди, дейилади The New York Times нашри чоп этган мақолада.

Унинг фикрича, Молдова ҳукумати қайта қуришни амалга оширишга шошилиши лозим. Акс ҳолда мамлакат чуқур иқтисодий инқирозлар билан юзма-юз келиши мумкин.

Ягландниг қайд этишича, 2009 йилда ҳокимият тепасига келган Европага мойил сиёсий кучларнинг уринишлари мавжуд вазиятнинг барқарорлашувига олиб келмади.

“Порахўрлик авж олмоқда, ҳукумат бўлса ҳали-ҳамон бойваччалар қўлида, ҳаёт даражасининг пастлиги эса фуқароларни ўз юртини ташлаб кетишига сабаб бўлмоқда”, деб ёзади Ягланд.

“Кишинёв Украина ҳодисаларидан тўғри хулоса чиқариши ҳамда вазиятнинг ушбу таҳлит ривожланишига йўл қўймаслиги лозим. Бугунги Европада давлатнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлиги унинг демократияни қай даражада ушлаб тургани ҳамда қонун устуворлигига боғлиқ. Биз Украинадаги инқироз халқнинг сиёсий институтлардан буткул кўнгли қолганидан сўнг вужудга келганини унутмаслигимиз лозим”, дея қайд этиб ўтади бош котиб.

Унинг фикрича, ҳукумат биринчи бўлиб коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориши, банкларни мустаҳкамлаши ва суд тизимини сиёсий аралашувлардан ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиши лозим.

Top