23:22 / 11.08.2015
3177

Франция ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилган Пикассонинг суратини Испанияга қайтарди

Франция ҳукумати Испаниядан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилган ва француз божхоначилари томонидан Корсикада ушланган Пабло Пикассонинг суратини Испанияга қайтариб берди. AFP агентлигининг маълум қилишича, машҳур рассомнинг ижод маҳсули учун ажратилган махсус самолёт Бастиядан Иберия яриморолига йўл олди. Сўнгги манзил хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор этилмаяпти.

25 млн еврога баҳоланувчи Пикассонинг ушбу “Ёш аёлнинг боши” сурати француз божхоначилари томонидан Корсиканинг Кальви портида катерлардан бирида текширув ўтказилганда аниқланган. Катер сардорида бўлган ҳужжатларга кўра, бу сурат Испаниянинг миллий бойлиги ҳисобланиб, хорижга олиб чиқилиши ман қилингани айтилган.  

Француз ҳукуматининг аниқлашича, бу сурат испаниялик банкир Хайме Ботиннинг мулки ҳисобланиб, коллеционер суратни Швейцарияга етказмоқчи бўлган. Бироқ суратнинг олиб чиқиб кетилишига рухсат тегишлича тарзда расмийлаштирилмаган.

Ботин аввал ҳам суратни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган.

Маълумот учун, 1973 йилда 92 ёшида Францияда умри поёнига етган рассом Пабло Пикассо дунёнинг энг қимматбаҳо рассоми ҳисобланади. У яратган суратларнинг ҳозирдаги жами қиймати 10 млрд еврони ташкил қилади.

Top