12:02 / 14.08.2015
3437

FYF пайпоғи спорт пойафзалининг ўрнини босиши мумкин

Швейцариянинг Swiss Barefoot Company компанияси юқори пишиқликка эга пайпоқ яратди. Таъкидланишича, у спорт пойафзалининг ўрнини эгаллаши мумкин.
Free Your Feet номли маҳсулот ташқи кўринишдан бармоқлар ажратилган юнгли пайпоққа ўхшайди, аммо пишиқлиги жиҳатдан одатий хом ашёдан тайёрланган кўплаб пойафзаллардан устун туради.
Лойиҳа муаллифлари FYF’ни универсал спорт пойафзали сифатида кўрмоқда, чунки у югуришга ҳам, виндсёрфингга ҳам, тоғларга чиқишга ҳам тўғри келади.
FYF 46.5 фоизга Dyneema материалидан иборатдир. Тадқиқотчилар уни дунёдаги энг мустаҳкам материал деб ҳисобламоқда.
Dyneema UHMWPE толасининг савдо белгиси бўлиб, бронежилет ва транспорт зирҳи учун қўлланадиган юқори зичликдаги полиэтилендан тайёрланади. Ҳисоб-китобларга қараганда, хом ашё пўлатдан 15 баробар мустаҳкамроқдир.
Аммо бу янги маҳсулотнинг ягона ютуғи эмас. Унинг енгиллиги туфайли одам ўзини оёқяланг юргандай ҳис қилади, бундан ташқари, пайпоқ мутлақо сув ўтказмайди. Kickstarter сайтидаги акциянинг якунланишига 3 ҳафта қолганида лойиҳа кутилганидан 9 баробар кўпроқ пул тўплади. Айни пайтда FYF ҳисобида 100 минг доллар бор. Бир жуфт пайпоқнинг нархи 80 долларни ташкил қилади. Маҳсулот йил охиридан етказила бошланади.

Top