16:57 / 14.08.2015
4407

Тошкентдаги Пушкин ҳайкали «Ўзбекенгилсаноат» компанияси биноси олдига ўрнатилди

Атоқли рус шоири ва ёзувчиси Александр Пушкиннинг Тошкент шаҳридаги ҳайкали янги жойга кўчирилди. Бу ҳақда фейсбукдаги «Потребитель.Уз» гуруҳи фойдаланувчилари маълум қилишган.

Тармоққа жойлаштирилган суратлардан кўринишича, эски жойидан кўчириб олиб келинган шоир ҳайкали Бобур ва Шота Руставели кўчалари чорраҳаси олдидаги «Ўзбекенгилсаноат» компанияси биноси олдига ўрнатилган. Майдон атрофидаги ҳудудларда эса ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан олдинроқ, Пушкин ҳайкали Рус миллий маданий маркази илтимосига кўра янги жойга кўчирилиши хабар қилинганди.

Кўчириш арафасида бу ҳайкал реставрация қилинди ва аввалгисига нисбатан баландроқ шоҳсупага ўрнатилди.

Ҳайкал атрофида Пушкин даврини эслатадиган чироқлар ва ўриндиқлар ўрнатилади.

Ҳайкал 1974 йили буюк рус шоирининг 175 йиллик юбилейи муносабати билан ўрнатилган эди.

Top