11:12 / 14.08.2015
2812

Хитой ҳарбийлари талабаларни фикр билан роботларни бошқаришга ўргатмоқда

Хитой ҳарбий академиясида талабалар фикр кучи билан роботларни бошқаришга ўргатилмоқда. Бунинг учун мия фаоллигини “ўқиб” олувчи ва таҳлил қилувчи гарнитура қўлланади. Ушбу гарнитура таҳлил қилинган ахборотни машиналар учун кўрсатмага айлантиради.

Фикр кучи билан бошқариладиган роботлар намойиши Халқ озодлик армияси Мудофаа илмий-техник университетида ўтказилди. Талабалар фикр билан роботларни ҳаракатга келтиришди, уларни бошини ва қўлини қимирлатишга, стол устидаги буюмларни олишга мажбур қилишди.

Роботлар бошқаруви махсус интерфейс орқали амалга оширилади. Операторнинг бошига тақилган ускунанинг электродлари электр энцефалография ёрдамида мия фаоллигини кузатади.

Роботларни бу усулда бошқариш технологияси ҳарбий академияда ишлаб чиқилди. Академия айни пайтда фикр билан бошқариладиган дронлар устида ҳам иш олиб бормоқда.

Лаборатория ходимлари технологияни тинчлик вазиятида қўллаш мумкинлигини таъкидламоқда. Аммо у ҳарбий соҳада ҳам қўлланиши мумкин. У ҳарбий ҳаракатларда роботлардан фойдаланиб, инсонларнинг ҳаётини асрашга имкон беради.

China News нашрининг ёзишича, ҳозирча роботлар фикр кучи билан берилаётган буйруқларни 70 фоиз вазиятда тўғри бажармоқда.

Top