18:24 / 18.08.2015
11369

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилди

Мустақилликнинг 24 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жойларда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Қобилхон Накибов УзА нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

"Мамлакатимизда ҳукм сураётган ҳамжиҳатлик муҳити тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омилидир. Элу юртнинг шодиёна кунларида бу неъматнинг қадри янада яққолроқ намоён бўлади. Чунки осойишталик ҳукм сурган, дўстона муносабатлар қарор топган жойдагина кўнгилдагидек байрам қилиш мумкин", дейди Қобилхон Накибов.

Унинг айтишича, ички ишлар идоралари тизимида байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланган режа асосида изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

"Юртимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Нохуш ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилаётир. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла посбонлари фаол иштирок этмоқда. Тадбирлар давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда", дейди у.

Маълум қилинишича, байрам олдидан барча туман, шаҳар, маҳалла ва овулларда ички ишлар органлари ходимлари ва маҳалла посбонларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар аҳоли тинчлигини сақлашга оид зарур чораларни кўриш билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш ва уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда профилактик таъсир кўрсатишга оид вазифаларни ҳам самарали адо этмоқда. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказилмоқда.

Профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга оид фаолияти янада кучайтирилди. Ушбу хизмат нафақат жиноятчиликка қарши курашиш, балки ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифаларни самарали адо этмоқда. Улар маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка, спортга кенг жалб этиш ишларини изчил йўлга қўймоқда. Бу маҳаллалар муҳитининг тобора соғломлашишига хизмат қилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиздаги тўрт мингга яқин маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Тегишли идоралар билан ҳамкорликда байрам тадбирлари ўтказиладиган барча майдонлар ва уларнинг атрофидаги иншоот ва ташкилотлар, хонадонлар кўрикдан ўтказилди. Бундан ташқари, бир миллиондан ортиқ тураржойларнинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган мансабдор шахс ва фуқароларга тегишли равишда жарима қўлланилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг аҳамияти беқиёс. Бу борада соҳада тизимли ишлар олиб борилмоқда, йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилаётир. Аҳоли хавфсизлиги таъминлаш учун барча жамоат транспортлари техник кўрикдан ўтказилди. Байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофидаги йўллар ва йўл белгилари кўздан кечирилиб, камчиликлар бартараф этилди.

"Айтиб ўтиш керакки, йўл ҳаракати қоидаларининг такомиллаштирилгани, қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг кучайтирилгани йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига замин яратди. Соҳага замонавий ахборот-технологиялари жорий этилаётгани транспорт оқимини кузатиш, уларни тартибга солиш, қоидабузарликларни тезкор аниқлаш борасида янада кенг имкониятлар яратади", деб қўшимча қилади Накибов.

Top