08:24 / 18.08.2015
2317

Сингапурлик шифокорлар Ўзбекистонда болаларни тиббий кўрикдан ўтказишмоқда

Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўзбекистонлик ва сингапурлик шифокорлар юқори лаб ва қаттиқ танглай, юз-жағида туғма нуқсони бўлган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўрик натижаларига кўра, “оғир” деб топилган беморлар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар болалар саломатлигини тиклашда катта самара бермоқда. Жумладан, 2014 йилда вилоятдаги юқори лаб ва қаттиқ танглайида нуқсони бўлган юздан зиёд боланинг саломатлиги тикланди.

Тадбир доирасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан икки юздан зиёд бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Юқори лаб ва қаттиқ танглайида нуқсони бор бемор болалар жарроҳлик йўли билан даволанади.

"Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Аҳоли, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор, тиббий муассасаларда яратилган шароитларни кўриб, очиғи, ҳавасим келди. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган амалий ишлар халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилиб, ўрганилаётгани бежиз эмас экан. Айни пайтда дунёнинг кўплаб ҳудудларида экологик муаммолар, турли касалликлар, оналар ва болалар ўлими жиддий хавотир уйғотмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ бу борадаги муаммоларни бартараф этишга устувор аҳамият қаратиб келмоқда. Натижада Ўзбекистон аҳоли саломатлигига ғамхўрлик кўрсатаётган дунёдаги етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Биз, Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бу ердаги шароитлардан мамнун бўлдик. Ушбу шифохона болалар соғлиғини тиклаш учун замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган", – дейди сингапурлик жарроҳ Кай Жен.

Top