16:39 / 19.08.2015
8393

Тошкентдаги Мустақиллик куни тантаналари қандай сценарийда ўтиши маълум бўлди

1 сентябрь куни соат 11:00дан 18:00га қадар Тошкент шаҳридаги 11та майдонда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида концерт дастурлари ўтказилади. Бугунги кунда Мустақиллик кунини “Тенгсизим, чаманзорим, ягонам – Ўзбекистоним!” шиори остида нишонлашнинг сценарийси ишлаб чиқилган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти вакиллари гапириб берди.

Маълум бўлишича, сценарий 4 блокка ажратилган:
1. “Ҳақиқий фарзандинг, асл ўзбекман” номли театрлаштирилган композиция. У Ватанга садоқат, она ва бола мавзуларига бағишланади.
2. “Элим соғлом боласи, Ватаним гул, лоласи” номли болалар блоки. Унда болалар вокал ва рақс ансамбллари чиқиш қилади.
3. “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” номли учинчи блок спортчиларнинг чиқишларидан ташкил топади.
4. “Ким эдик-у, ким бўлдик” номли охирги блок “Истиқлол солномаси” театрлаштирилган композициясидан иборат бўлади.

Тадбирларда “Ўзбектеатр” ижодий бирлашмаси вакиллари, Ўзбекистон халқ артистлари ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси артистлари, “Ниҳол” мукофоти, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” танлови совриндорлари, ёзувчи ва шоирлар, чемпионлар ва спорт усталари иштирок этади.

Асосий байрамлар Алишер Навоий номидаги миллий боғда, Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек, Бобур номли, шунингдек, “Локомотив” ва “Қуёшча нури” боғларида ўтказилади. Халқ сайллари, шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғи, цирк ҳамда мудофаа вазирлиги маънавият ва маърифат маркази яқинидаги майдонларда бўлиб ўтади.

Top