17:51 / 19.08.2015
6389

Украина, Латвия ва россиялик сайёҳлар ҳаво шарида Ўзбекистон бўйлаб парвоз қилади

5 октябрь куни халқаро экспедиция аъзолари иккита ҳаво шарида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга отланади. Бу ҳақда экспедиция раҳбари Алексей Возилов ТАСС ахборот агентлигига маълум қилган.

“Гуруҳ таркиби 8 киши — 2 учувчи, 2 ҳайдовчи ва Украина, Латвия ва россиялик 4 сайёҳдан иборат. Осмонда 6 кун парвоз қилишни режалаштирганмиз”, – деди у.

“Бу барча сайёҳлар учун биринчи шу каби экспедиция ҳисобланади. Унинг қанча давом этиши об-ҳавога боғлиқ, – дея қўшимча қилди Возилов. – Об-ҳавога боғлиқ равишда кунига 10 ёки 500 километр масофани босиб ўтишимиз мумкин. Умумий йўлни баҳолаш ва режалаштириш мураккаб. Йўналишга жойларда ўзгартишлар киритилиши мумкин”.

Сайёҳлар 3 минг метр баландликкача кўтарилиши мумкин, ерда эса уларни икки автомобиль кузатиб боради. Бу нафақат хавфсизлик, балки машиналарда ортиқча юкларни қолдириш учун ҳам зарур. Юк қанча кам бўлса, ҳаво шари шунчалик баландга кўтарилади.

Экспедиция раҳбарининг айтишича, саёҳат гуруҳ аъзоларига 8 минг евродан тушади.

Top