17:57 / 21.08.2015
4322

Қозоғистонликлар доллар сотиб олишда давом этмоқда

Қозоғистон тенгеси ўз позициясини бир оз мустаҳкамлади. Пайшанба, 20 август куни эркин сузувчи валюта курслари тизимига ўтилгани ҳақида эълон қилинганидан сўнг доллар нархи 255-260 тенгега кўтарилган эди.

Бугун, 21 август куни эса Қозоғистон фонд биржаси (KASE)да унинг нархи пасайиб, 240 тенгега тушган. Айни пайтда валюта алмаштириш шохобчаларида доллар баҳоси 241-242 тенгени ташкил этмоқда.

Доллар баҳосининг кескин кўтарилиши валюта айирбошлашни истовчи фуқаролар сонининг ортишига сабаб бўлди. Пойтахтдаги шохобчалар таҳлилчиларнинг доллар нархи 380 тенгега кўтарилиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги башоратларига ишонган аҳоли билан тўлган.

Маҳсулотлар нархининг кескин кўтарилиши эса фақатгина хўжалик ва компьютер техникаси дўконларида кузатилган. 20 август куни кўплаб дўконлар маҳсулотлар нархини олиб қўйган бўлса, айримлари нарх-навони текшириб олиш учун фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Top