19:59 / 22.08.2015
4206

Бразилиялик футболчи ўйин вақтида рақиблар бош мураббийининг қўлини синдириб қўйди

Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Палмейрас»жамоаси ҳужумчиси Дуду «Крузейро» (Белу-Оризонти) жамоаси бош мураббийи Вандерлею Лушембургога ўйин вақтида жароҳат етказди.

Mirror нашрида ёзилишича, бу ҳодиса Бразилия Кубогининг чорак финал ўйини вақтида рўй берган.

Интернетда бу воқеа тасвири жойлаштирилган, ундан кўриш мумкинки, Дуду тўп учун югураётган вақтда рақиб футболчиси билан биргаликда майдон ташқарисига чиқиб кетади ва рақиблар мураббийига бориб урилиб, уни йиқитади. Бу тўқнашув натижасида Лушембургонинг ўнг қўли суяги шикастланган.

Бу ўйин 21 август куни Сан-Паулудаги стадионда ўтказилган ва унда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қилишган.

Мезбон жамоа мухлислари бу вазият пайтида ҳуштакбозлик қилишган.
Қайд этиш керакки, жароҳатланган мутахассис муқаддам «Палмейрас» жамоасида ҳам ишлаган, 2009 йилда можароли ҳолатда бу жамоадан кетганди. 63 ёшли ушбу мутахассис шу йилнинг июнь ойида «Крузейро»да иш бошлаган.

Ўз навбатида, унга ўзи истамаган ҳолда жароҳат етказган Дуду 2011 йилгача «Крузейро» жамоасида ҳам ўйнаган. Дуду 2011 йилда Киевнинг "Динамо" жамоасига келган ва 2015 йилнинг январида яна ўз юртига қайтиб кетганди.

Top