09:20 / 25.08.2015
2080

Саудия Арабистонида қарийб 50та MERSга чалиниш ҳолати қайд этилди

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2015 йил 16 августдан 22 августга қадар 49та янги Яқин Шарқ респиратор синдроми коронавируси — MERSга чалиниш ҳолати аниқланганини тасдиқлади.

Вазирликнинг расмий сайтидаги хабарга кўра, 47та ҳолат пойтахт Ар-Риёдда қайд этилган бўлса, бири Нажрон, яна бири Абха шаҳрида аниқланган. Мазкур давр ичида вафот этган сони 11 нафарни ташкил этади.

Вазирлик статистик маълумотига кўра, 2012 йилдан буён мамлакатда 1147 киши коронавирусга чалиниб, уларнинг 487 нафари ҳаётдан кўз юмди.

Яқин Шарқ респиратор синдроми коронавируси — MERS касаллигига илк чалиниш ҳолати Саудия Арабистонида 2012 йилда рўй берган бўлиб, хасталик Яқин Шарқ, Жанубий Корея, Таиланд ва бошқа бир қатор мамлакатларга тарқалди. У эрта босқичларда ҳеч қандай алоҳида аломатларни юзага чиқармайди. Одатда иммунитети суст, сурункали ўпка касалликлари ва буйрак етишмовчилиги мавжуд инсонлар ушбу касалликни осон юқтириб олади. Ҳозирча хасталикка қарши вакцина ишлаб чиқилмаган.

Top