09:07 / 25.08.2015
3924

Хитой ҳарбийлари лочин ва маймунларни авиабазаларни ҳимоя қилишга ўргатди

Қушлар самолётлар учун жиддий хавф туғрдириб келади. Ҳаттоки кичик қушча ҳам учиш-қўниш жараёнидаги самолёт двигателига кириб қолса, катта фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Марказий Хитой телевидениесининг хабар беришича, Хитой озодлик халқ армияси ҳарбий учувчилари ўз авиабазаларини мазкур хавфдан ҳимоя қилиш учун махсус ўргатилган лочин ва маймунлардан фойдаланмоқда.

Йиртқич қушлардан фойдаланиш дунё амалиётида етарлича кенг тарқалган. Улар самолётлар парвоз қилиши ёки қўниши арафасида қўйиб юборилиб, бошқа майда қушларни қўрқитади ва у ердан узоқлаштиради.

Маймунлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш эса хитой ноу-хауси ҳисобланади. Аскарлар ушбу приматларни авиабазалар атрофидаги дарахтларга қўйилган қуш инларини бузишга ўргатишган. Бу эса яқин-атрофда камроқ қушлар бўлишини таъминлайди. Маймунлар ҳар куни 20 метргача баландликда қурилган ўнлаб уяларни йўқ қилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳайвонлар танаси қолдирган ҳидлар ҳам қушларни чўчитиб туради.

“Маймунлардан фойдаланиш — ўз самарадорлигини кўрсатган ғоядир. Улар ўз вазифасини одамлардан кўра яхшироқ бажаради”, – дея айтиб ўтди полковник Хань Би.

Авиабазаларда қушлар билан шуғулланувчи алоҳида гуруҳ мавжуд бўлиб, уларни ҳарбийлар “қушлар жамоаси” деб аташади.

Top