15:46 / 27.08.2015
9354

Самарқандда «Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивалининг дастлабки тадбирлари бўлиб ўтмоқда

«Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг икки дарвозаси – аэропорт ҳамда темир йўл вокзали орқали тантанали кутиб олинди.
«Ориент стар Кўксарой», «Регистон плаза» меҳмонхоналарига жойлаштирилган хорижлик санъаткорлар ҳамда меҳмонлар Самарқанд ерининг саховати – Галаосиё нонлари, ширинлигу мева-чеваларидан татиб кўришди. Сўнг меҳмонларнинг шаҳардаги тарихий обидалар, музейлар бўйлаб саёҳати уюштирилди.

Бангладеш, Коста-Рика, Комор ороллари, Франция, Эрон, Япония ва қирғизистонлик санъаткорлар Регистон майдонида чиқиш қилишди. Дунёнинг олтмишдан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган гуруҳлар шаҳарнинг «Суғдиёна», «Ёшлик» маданият ва истироҳат боғлари, Ҳамид Олимжон номидаги вилоят драма ва мусиқа театри, Самарқанд туманидаги Нодир Девонбеги мадрасаси, Оқдарё ва Жомбой туманларидаги 7 ва 10-сон мусиқа ва санъат мактабларида ўз санъатларини намойиш этишди.

Ўз навбатида меҳмонлар Самарқанд вилоятининг мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчилари, фольклор жамоаларининг ранг-баранг қўшиқлари, рақсларидан иборат концерт дастурларини ҳам томоша қилишди.
Шунингдек, 26 август куни «Регистон-плаза» меҳмонхонасида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуров, фестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзолари – ўзбекистонлик О.Матёқубов, япониялик Гениче Цуги ва бошқалар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бугунги глобаллашув даврида дунё мамлакатлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, турли миллат ва элатлар мусиқа санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилаётганини таъкидлашди. Шунинг учун ҳам фестиваль нуфузи ортиб, бугунги кунда унда дунёнинг барча қитъаларидан санъаткор ва мусиқашунос олимлар қатнашмоқда.

Меҳмонларнинг ҳар бир куни мазмунли ва таассуротларга бой ўтиши учун Самарқанд шаҳри ва вилоят бўйлаб саёҳат, таълим муассасалари ва маданий-тарихий обидалар билан танишув, миллий ҳунармандчилик ва мусиқа асбоблари кўргазмалари, жойларда аҳоли билан ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
Фестиваль жараёнини ёритишда 200 нафардан ортиқ маҳаллий ва 40 га яқин хорижлик журналистлар фаол иштирок этмоқда.

Матбуот анжуманида, шунингдек, «Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги» мавзуида ўтказиладиган илмий-назарий конференция ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, анжуман доирасидаги тадбирларда хориждан ташриф буюрган меҳмонлар, санъаткорлар юртдошларимиз билан мулоқотда бўлишмоқда. Санъатсевар халқимиз эса уларга мустақиллик йилларида эришган ютуқларимиз, ҳар соҳада ривожланаётганимизни, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, осойишта ва фаровон ҳаёт кечираётганимизни ғурур билан ҳикоя қилиб беришмоқда.

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи тизимидаги барча музейларда «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!» деб номланган кўргазма бир ой давомида фаолият кўрсатади.

Top