Фан-техника | 07:02 / 28.08.2015
5355
2 дақиқада ўқилади

Apple янги iPhone 6 смартфонлари намойиш қилинадиган санани эълон қилди

Apple журналистларга 9 сентябрда бўлиб ўтадиган тадбирга таклифнома тарқатди. АҚШ корпорацияси деярли шу тариқа янги iPhone модели ва бошқа янги қурилмаларнинг тақдимоти санасини эълон қилди.

Apple иккита янги iPhone модели – iPhone 6S ва iPhone 6S Plus смартфонларини тақдим қилади, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги. Агентлик бунда АҚШ корпорацияси томонидан Сан-Францискода ўтказиладиган тадбирга таклифномалар жўнатилганига асосланмоқда.

Ўтган ҳафтада iPhone 6S ва iPhone 6S Plus смартфонлари 18 сентябрдан сотувга чиқарилиши маълум бўлганди. Смартфонлар дастлаб АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Японияда сотувга чиқарилади.

Хитойнинг Daliulian ижтимоий тармоғида ҳам ўтган ҳафтада янги iPhone’ деб иддао қилинаётган смартфон сурати пайдо бўлган эди, 26 августда эса дунёдаги энг йирик оператор China Telecom’нинг ижтимоий медиа департаменти менежери янги қурилманинг баъзи деталлари ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, янги iPhone 6S олдингиларидан тубдан фарқ қилмайди.

Янги смартфонларда Apple A9 процессори ишлатилади, қурилма яхшиланган камера, 2 Гб тезкор хотира билан бутланади, экранда эса Force Touch (тегиш ва босиш ўртасида фарқни сезиш) имконияти пайдо бўлади. Ҳозирда бу технология Apple Watch соатларида ишлатилмоқда.