Жаҳон | 09:34 / 28.08.2015
2590
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев МАГАТЭ бош директори билан учрашди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев МАГАТЭ бош директори Юкия Амано билан учрашув ўтказди. Учрашув доирасида у Аманони кам бойитилган уран банки очилиши ҳақидаги шартноманинг имзоланиши билан табриклади, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

“Қозоғистон Семипалатинск полигонини ёпди, биз энг йирик ядровий аслаҳахонадан воз кечдик. Мамлакатимиз изчиллик билан ядровий қуролни тарқатмаслик сиёсатини юритмоқда. Ўйлайманки, бу борадаги қарашларимиз мос келади”, - таъкидлади Назарбоев.

Ўз навбатида, Юкия Амано шартноманинг имзоланиши чинакам тарихий воқеа бўлганлигини алоҳида қайд қилди. “Бугун атом электр станциялари қурмоқчи бўлган давлатлар кам бойитилган ҳар қандай бозор шароитида ҳам уран сотиб олиш имкониятига эга бўлди”, - деди у.

МАГАТЭ бош директори Қозоғистон ўзининг ядровий қурол тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлашдаги ўрни туфайли бундай банк очилиши учун энг муносиб номзод бўлганлигини таъкидлаб ўтди.

“Бирор-бирор давлат ядровий дастурини уран бойитишдан бошлаши барчани ташвишга солади. Бу унинг ноқонуний тарқатилиши эҳтимолини кучайтиради. Биз эса ўз ядровий силсиламизни яратмасдан атом ишлатиш учун шароит яратмоқдамиз”, - хулоса қилди Назарбоев.