Жаҳон | 07:44 / 28.08.2015
3466
1 дақиқада ўқилади

Оқ уй: 4 сентябрда Саудия Арабистони қироли Вашингтонда АҚШ президенти билан учрашади

АҚШ президенти Барак Обама 4 сентябрда Вашингтонда Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ал-Сауд билан учрашади. Бу ҳақда 27 августда журналистларга Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест маълум қилди.

“Президент Обама Саудия Арабистони қиролини 4 сентябрь, жума куни Оқ уйда қабул қилади. Қиролнинг АҚШга ташрифи у тахтга ўтиргандан бери хорижий сафарларидан биринчиси бўлади ва бу ҳолат АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ўта муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди”, деб айтди Эрнест.

Эрнестнинг айтишича, икки давлат етакчилари бир қатор масалалар, жумладан террорчиликка қарши курашишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари, Яман, Суриядаги вазият, Эроннинг барқарорликка таҳдид солувчи фаоллигига қарши курашиш чораларини муҳокама қилишади.