08:02 / 29.08.2015
2858

Германияга ноқонуний муҳожирлар оқими 1 йил ичида 4 баробар ошди

Германияга дунёнинг турли томонларидан меҳнат муҳожирларининг кириб келиши ўтган йилги натижаларга қараганда 4 баробар кўпни ташкил этмоқда. Ўтган ҳафтанинг ўзида мамлакатга 25 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири кириб келган. Бу ҳақда 28 август куни Euronews телеканали орқали Германия ТИВ раҳбари Томас де Мезьер маълум қилган.

"Бу мисли кўрилмаган даражада кўп рақамлардир. Ўтган 1 йил ичида муҳожирлар сони 4 баробарга ошган. Биздан бошпана сўраганларнинг 43 фоизи бу йилда қабул қилинди. Бу Германиядек бой давлат учун ҳам улкан муаммолар келтириб чиқармоқда", дейди вазир.

"Бу вазиятда ЕИ даражасида муҳим ва тўғри қарор қабул қилиниши зарурати пайдо бўлмоқда. Фақат июль ойининг ўзида 83 мингдан ортиқ миҳожир Германияга кириб келди. Август ойи натижалари эса 100 мингдан ортиқни кўрсатиши мумкин. Ўтган ҳафтада 25 мингдан ортиқ муҳожир қабул қилинди. Бу жуда кўп", дейди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли томонидан муҳожирларга нафрат даражаси ўсиб бормоқда, жиноятчилик кўрсаткичлари ҳам ошган.

"Мамлакатда жиноятчилик ортди, инсон ҳуқуқлари бузилмоқда. Бошқа халқларни ҳақоратлаш, уларга турли йўллар билан озор бериш ва муҳожирларга ёрдам кўрсатаётганларга нафрат кузатилмоқда. 2015 йилнинг биринчи ярмида бу борадаги ҳолатлар миқдори 2014 йил давомидаги барча шундай ҳолатлар миқдорига тенглашди. Охирги кунларда вазият янада оғирлашмоқда", дея қайд этади вазир.

"Биз бу ҳолатга сиёсий нуқтаи назардан танқидий руҳда қараймиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар кўмагига таянамиз", деб ўз сўзларини якунлайди Томас де Мезьер.

Top