Жаҳон | 10:09 / 31.08.2015
2957
1 дақиқада ўқилади

Франциялик денгизчилар Кале портига киришни қайиқлар билан тўсиб қўйишди

Якшанба куни иш ташлаш эълон қилган франциялик денгизчилар Кале портига киришни қайиқлари билан тўсиб қўйиб, Ла-Манш бўғози орқали алоқани қийинлаштириб қўйишди. France Presse агентлигининг маълум қилишича, портдан 2 минг йўловчи Дувр томон йўлга чиқа олмаяпти, бортида 1.7 минг ва 1.5 минг киши бўлган яна иккита кема портга кира олмаяпти.

Порт маъмурияти вакилининг хабар қилишича, хавфсизлик мақсадида ҳаракат тўхтатилган. Кемаларни Франциянинг бошқа портларига йўллаш режалаштирилмоқда.
Портга киришни 31 август куни суд қарорига биноан банкрот деб эълон қилинган Seafrance компанияси денгизчилари тўсиб қўйган. Улар компаниянинг рақиби DFDS Seaways’га сотилишига қарши чиқмоқда.

Денгизчилар олди-сотди шартномаси имзоланганидан сўнг ишсиз қолишдан қўрқмоқда. Илгарироқ улар порт ва Ла-Манш остидаги темир йўл туннелини тўсиб қўйишган эди.